Жон Керри: Эроннинг ядровий қурол ясаши тақиқланган

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Эроннинг “ядровий қурол ясаши абадий тақиқланган”, дея баён қилди. 25 февраль куни АҚШ Вакиллар палатасининг ташқи алоқалар қўмитасида гапирган Керри бу билан Эроннинг мунозарали ядровий дастури билан боғлиқ хавотирларни бартараф қилишга уринди. Оқ уй маъмурияти Теҳронга нисбатан санкцияларни юмшатиш эвазига Эрон ядровий дастури билан бўҳронни ҳал этишга қаратилган келишув имзоланиши арафасида вазиятни кескинлаштирмасликка ҳаракат қилмоқда.

Керрининг айтишича, Эрон Ядровий қуролларни тарқатмаслик битимини қабул қилгани унинг ядвровий қурол ясашига йўл қўймайди. Эрон мазкур битимни имзолаган, лекин уранни боийтиш дастури тафсилотларини очиқлашдан бош тортиб келаётгани боис, битимни бузган давлат сифатида эътироф этилган.

Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу Эрон ядровий қурол ясашга уринмоқда, дея иддао қилиб келади ва дунёнинг олти қудратли давлатини Эронни тўхтатиш уринишларидан воз кечганликда айбламоқда. Керри Нетаньяҳунинг бу позициясини савол остига олиб, “унинг хулосалари шунчаки хато бўлиши мумкин”, дея таъкидлади.

Нетаньяҳунинг келаси ҳафта АҚШ Конгрессида чиқиш қилиб, Теҳроннинг яхши ниятда музокара қилаётганини савол остига олиши кутилмоқда. АҚШ Миллий хавфсизлик давлат маслаҳатчиси Сьюзан Райс Нетаньяҳунинг Вашингтонга ташрифи АҚШ-Исроил муносабатларига “путур етказади”, дея баён қилди.