Байден ва Порошенко Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилди

АҚШ вице-президенти Жо Байден (ч) ва Украина президенти Петро Порошенко (ў).

АҚШ вице-президенти Жо Байден 28 февраль куни Украина президенти Петро Порошенко билан телефон орқали Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилди.

Оқ уй матбуот хизматининг маълум қилишича, Порошенко Байденга Донецк ва Мариуполь атрофида отишмалар давом этаётгани, Россия томонидан дастакланаётган айирмачилар Минскда эришилган оташкесим битими шартларини ҳамон бузаётганини билдирган.

Байден ва Порошенко ЕХҲТ Россия оғир ҳарбий техникаси фронт чизиғидан олиб кетилган-кетилмаганини текширишга муваффақ бўлолмаганини ҳам муҳокама қилганлар.

Байден иқтисодиётни барқарорлаштириш учун Халқаро валюта жамғармаси томонидан тавсия этилмиш ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида Украина ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорларни олқишлаган.

Украина ҳарбийлари Луганск атрофида оташкесим битимига риоя қилинаётганини билдирганлар. Нисбий осойишталикка қарамай, 28 февраль куни Донбассда содир бўлган отишмада украиналик бир журналист нобуд бўлган.