Москвада рус мухолифатчиси Борис Немцов хотирасига юриш ўтказилади

Москвада рус мухолифати Кремлнинг мақтул танқидчиси Борис Немцов хотирасига юриш ўтказишга ҳозирланмоқдалар. Шаҳар мэрияси билан келишилган мазкур юриш бугун Тошкент вақти билан соат 17 да бошланиши кутилаяпти.

Кеча минглаб одам мухолифатчи ҳамда собиқ бош вазир ўринбосари Немцов отиб кетилган Кремль яқинидаги кўприкка келиб, қотиллик содир этилмиш жойга гуллар қўйиб, шамлар ёқдилар.

Россия президенти Владимир Путин 27 февраль оқшомида содир этилган бу қотилликни “провокация” деб атади ва Немцовнинг онасига қотилларни топиб, жазолашни ваъда қилди.

Россиялик терговчилар қотиллик бўйича бир неча тахмин асосида иш олиб борилаётганини маълум қилдилар. Улар орасида асли яҳудий бўлган Немцовнинг радикал исломчилар томонидан қатл этилган бўлиши ёки президентнинг номини қора қилиш учун мухолифат томонидан ўлдирилган бўлиши мумкинлиги каби тахминлар бор.

Ўлимидан аввалроқ Немцов Россиянинг Украинадаги айирмачиларга ёрдам беришдаги ролини очиқ танқид қилгани учун Путин уни ўлдириши мумкинлигидан қўрқаётганини эътироф этгани айтилади.