Тожикистондаги сайловда И. Раҳмон партияси олдинда бормоқда

Душанбедаги сайлов участкаларидан бири, 2015 йилнинг 1 марти.

Тожикистонда якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларининг дастлабки натижаларига кўра, сайловда президент Имомали Раҳмон бошчилигидаги Халқ-демократик партиясидан номзодлар пешқадамлик қилаяпти.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари айрим округларда сайловчиларнинг камида учдан икки қисми ХДП вакиллари учун овоз бергани ҳақида ёзмоқдалар.

Аввалроқ кузатувчилар парламент сайловида президент Имомали Раҳмон партияси катта фарқ билан ғалаба қозониши мумкинлигини тахмин қилгандилар.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар қилишича, 1 март куни Тожикистонда ўтказилган парламент сайловларида қатор қонунбузарликлар кузатилган.

Якшанба кунги овоз бериш жараёнида очиқ кўринган қонунбузарликлар сирасига бир одамнинг бутун бир оила учун овоз бергани, кузатувчилар учун ажратилган курсиларнинг бўш тургани, сўров ўтказиши лозим бўлган кўнгиллиларнинг сайловчиларга кимга овоз беришни айтиб тургани кабиларни киритиш мумкин.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси кечаги сайловда сайловчиларнинг 82 фоизи иштирок этганини эълон қилган. Маҳаллий қонунчиликка кўра, Тожикистонда “парламент сайлови бўлиб ўтди” дейиш учун унда сайловчиларнинг камида 50 фоизи қатнашиши лозим.

Тожикистон қуйи палатасидаги 63 ўрин учун кеча ўтказилган сайловда саккиз партияни тамсил этувчи қарийб 300 номзод ўзаро кураш олиб борди.