Афғонистондаги табиий офат қурбонлари сони 247 нафарга етди

Афғон расмийлари мамлакат бўйлаб кўчки ва тошқинлар туфайли ҳалок бўлганлар сони 247 нафарга етгани ҳақида маълум қилдилар.

Расмийларга кўра, Афғонистон шимолидаги Панжшер вилоятида кўчкидан нобуд бўлганлар сони 198 нафарга етган. Бу вилоятда бульдозерлар ва бошқа машиналар ҳали ҳам йўлларни тозалаш билан машғуллар.

Панжшер вилоят полиция бошқармаси бошлиқ ўринбосари Нажмиддин Хонга кўра, қутқарувчилар қор остидан кўплаб жонсиз таналар, шу жумладан, аёллар ва болалар жасадларини чиқариб олганлар.

Айни пайтда, расмий маълумотларда айтилишича, афғон армиясининг камида тўртта вертолёти кўчки қамалида қолган қишлоқлардаги аҳолига озиқ-овқат ва бошқа зарур буюмларни етказиб бериб турибди.