Ироқ қўшинлари Тикрит шаҳрини ИДдан олиш учун амалиёт бошлади

Ироқ қўшинлари Тикрит шаҳрини "Исломий давлат" назоратидан қайтиб олиш учун кенг кўламли амалиёт бошлади.

2 март куни Ироқ расмий телевидениеси берган маълумотга кўра, қўшинлар Бағдоддан 130 километр нарида бўлган Тикрит шаҳридаги жангарилар позицияларига қарши ҳаводан ва қуруқликдан кенг кўламли ҳужумларни уюштирмоқда.

Сўнги хабарларга кўра, жангарилар шаҳар ташқарисидаги баъзи нуқталардан чекинишга ҳам мажбур бўлган.

Ироқ ҳарбийларидан олинган маълумотларга кўра, амалиётда 30 мингга яқин аскар иштирок этмоқда. Расмий маълумотга кўра, жангчилар сафида шиаларга оид Ҳашид Шаабий гуруҳи ва ИДга қарши бўлган маҳаллий сунний жамоалари жангчилари бор.

Ироқ ҳарбийлари ИД жангчиларини, асосан, суннийлар яшайдиган Салоҳиддин шаҳридан қувиб чиқармоқчи.