Бордюжа: КХШТ нодавлат ташкилотларини назоратга олиши мумкин

Николай Бордюжа.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти раҳбари Николай Бордюжа Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлари КХШТ назоратига олиниши мумкинлигини айтди.

6 март куни Москвада қирғизистонлик журналистлар учун матбуот анжумани уюштирган Николай Бордюжа Қирғизистонда хориж давлатлари томонидан молияланадиган нодавлат ташкилотлари кўп эканини таъкидлади.

Бордюжага кўра, мазкур нодавлат ташкилотлари мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни ўзгартирилишига таъсир кўрсатиши мумкин.

“Агар бу ташкилотлар мамлакатга таҳдид соладиган бўлса, у ҳолда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти назоратига олинади”, деб билдирган Бордюжа.

КХШТ ҳарбий-сиёсий бирлашма сифатида 1992 йилда ташкил этилган эди. Айни пайтда Арманистон, Белорусь, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон мазкур ташкилотга аъзо давлат ҳисобланади.