Нигериядаги "Боко Ҳарам" гуруҳи “Исломий Давлат”га байъат берди

Боко Ҳарам лидери Абубакр Шикоий (олд планда) акс этмиш видеодан олинган сурат.

Нигериядаги “Боко Ҳарам” экстремистик гуруҳи “Исломий Давлат” гуруҳига содиқ экани ҳақида баёнот тарқатди. Араб тилидаги байъат матни Боко Ҳарам лидери Абубакр Шикоийга оид экани иддао қилинмоқда.

7 март куни Twitter микроблоги орқали тарқатилган хабарда Боко Ҳарам “Исломий Давлат”га сўзсиз итоат қилиши ҳамда Ҳақ йўлдан адашганига очиқ шаръий далиллар кўрсатилмагунича “Исломий Давлат” раҳбарлари қарорлари юзасидан тортишмаслиги урғуланган.

Твиттердаги хабар “Боко Ҳарам”га асос солинмиш Нигерия шимолий-шарқидаги Майдугури шаҳрида 7 март куни бир қанча портлаш содир этилганидан кейин пайдо бўлди. Худкуш ҳужумчилар томонидан амалга оширилган тўртта портлашда камида 54 киши ҳалок бўлган, 140 дан зиёд одам яраланган.

Гувоҳларга кўра, портлашлар одам гавжум бўлган икки бозор ва автобус станциясида содир бўлган.

Ичига бомба жойлаштирилган автомобиль воситасида амалга оширилмиш бешинчи ҳужум эса Майдугуридан қарийб 75 километр олисликдаги назорат-ўтказиш масканида уюштирилган.