ЕИ вакиллари Минск билан алоқалар тузалиши эҳтимолидан баҳс этмоқда

Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевич.

Европа Иттифоқи вакиллари бир неча йиллик тарангликдан сўнг Белоруссия билан алоқаларни яхшилаш учун имконият пайдо бўлди, деган фикрга келдилар. Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевич ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Ригадаги норасмий учрашувидан кейин ана шундай баёнот билан чиқди.

Ринкевич Европа Иттифоқини Белоруссия билан боғлиқ сиёсий маҳбуслар муаммоси каби бир қанча масалалар ҳамон ташвишга солаётганини, бироқ айни пайтда алоқаларни ижобий томонга ўзгартириш учун имконият мавжудлигини қайд этди.

Сўнгги йилларда ЕИ Белоруссияда инсон ҳақларининг бузилиши, сайловлардаги сохтакорликлар ҳамда мухолифатчилар ва фуқаролик жамияти фаолларининг таъқиб қилиниши билан боғлиқ равишда Минскка нисбатан қатор чекловларни жорий қилганди.

2012 йили Германия собиқ ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелле Белоруссияни “Европа марказидаги сўнгги диктатура” деб атаган.

Ҳозир Европа Иттифоқига Латвия раислик қилаяпти ва бу йил ЕИнинг Ригада ўтказиладиган шарқий ҳамкорлик саммитига мезбон давлат Белоруссия, Озарбайжон, Арманистон, Молдова, Грузия ва Украина вакилларини чақириши кутилмоқда.

Хабарларга кўра, мазкур анжуманга ЕИ раҳбарлари илк бор Белоруссия президенти Александр Лукашенкони ҳам таклиф қилишни режалаганлар.