Рус чекистлари Немцовнинг қотиллари ушланганини иддао қилмоқда

Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников.

Россияда мухолифатчи Борис Немцовни ўлдирганликда гумонланиб икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников 7 март куни Биринчи канал орқали қилган чиқишида билдирди.

Бортниковга кўра, Немцовни ўлдирганликда гумонланиб кавказлик Анзор Кубашев ва Заур Дадаев ушланган.

Федерал хавфсизлик хизмати директори бу ҳибс ҳақида Россия президенти Владимир Путин хабардор қилинганини таъкидлади ва мазкур қотиллик юзасидан тергов ишлари давом этаётганини қўшимча қилди.

Собиқ бош вазир ўринбосари, Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлган 55 ёшли Борис Немцов 27 февраль оқшомида Кремль яқинидаги кўприк устида номаълум шахслар томонидан отиб кетилганди.

Россиялик терговчилар бу қотиллик юзасидан бир неча муҳтамал тахмин бўйича иш олиб бораётган бўлсалар-да, рус мухолифатчилари “Немцов сиёсий фаолияти туфайли ўлдирилди”, деб ҳисоблайдилар.