Уруш фахрийларига бепул йўлланма бериш бошланди

Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига санаторийларда 12 кун давомида бепул дам олиш имконини берувчи йўлланмалар тарқатила бошланди.

Уруш ва меҳнат фронти фахрийларидан 73 минг нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан 20 минг нафари соғламлаштиришга муҳтож деб топилган.

Ҳукумат қарорига кўра, фахрийлар санаторийларга бориш учун темир йўл транспортида бир марталик сафар қилиш имконига эга.

Шунингдек, фахрийлар Иккинчи жаҳон урушида фашист Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган телевизор ва мобил телефонлари билан ҳам тақдирланади.

Podrobno.uz маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 3,8 мингдан зиёд уруш қатнашчиси, 79 мингга яқин меҳнат фронти фахрийси истиқомат қилмоқда.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонда 1,4 миллиондан ошиқ ўзбекистонлик қатнашган, улардан 400 мингдан ошиғи жанг майдонидан қайтмаган, 130 минг нафари бедарак кетган.