Афғон қамоқхонасида чиққан исёнда 4 киши ҳалок бўлди

Афғонистон шимолидаги Жузжон вилоятида жойлашган қамоқхонада маҳкумларнинг тартиб посбонларига қилган ҳужуми оқибатида 4 киши ҳалок бўлди.

Вилоят полиция бошқармаси бошлиғи Фақир Муҳаммад Жузжонийга кўра, зўравонлик қамоқхона зобитлари камералардан пичоқ ва бошқа контрабанда ашёларни қидираётган пайтда содир бўлган.

Вилоят маркази Шибирғонда жойлашган қамоқхона мажмуасида 800 га яқин маҳкум сақланади.

Жузжонийнинг айтишича, маҳкумлар тинтув ўтказаётган уч зобитни ўлдириб, исён кўтарганлар ва қўриқчилар минорасига ҳужум қилганлар.

Полиция маъмури исённи бостириш чоғида бир маҳкум ўлдирилгани ва 10 нафари жароҳат олганини билдирди.

“Исён чиқарган одамлар толиблар эди. Менимча, бу қамоқдан қочиш мақсадида уюштирилган фитна бўлган”, деди Жузжоний.

Толибон ҳаракати бу ҳодиса юзасидан ҳали бирор-бир изоҳ бергани йўқ.