Нур Отан партияси президентликка Нурсултон Назарбоев номзодини илгари сурмоқчи

Қозоғистоннинг иқтидордаги Нур Отан партияси 26 апрелда бўлиб ўтадиган муддатидан аввалги президент сайловларига Нурсултон Назарбоев номзодини илгари сурди.

- Биз Нурсултон Назарбоевни Нур Отандан расмий номзод сифатида кўрсатилишини таклиф этиб, президентнинг бунга розилигини сўраймиз, деди жамоат арбоби Кенжегали Сагадаев ҳокимиятдаги партиянинг 11 март куни ўтuан йиғинида.

74 ёшга кирган Назарбоев Ўзбекистон президенти Ислом Каримов каби мамлакатни 1989 йилдан бери бошқариб келмоқда.

Ҳокимиятга Қозоғистон Компартиясининг 1-котиби сифатида келган Назарбоев 1991 йилда мустақил Қозоғистоннинг илк президенти этиб сайланган эди.

6 март куни мамлакат сиёсатида “саҳнани ўзгартириш пайти келди”, деган Қозоғистон президенти 26 апрель сайловларида қатнашадими, йўқми мавҳум қолдирганди.

25 йиллик бошқаруви давомида Нурсултон Назарбоев ҳокимиятни ўз қўлида тўлиқ марказлаштирди¸ ўзгача фикрловчиларнинг танобини тортиб қўйди¸ парламентни ўз рақибларидан тозалаб¸ матбуотни ўз оқимига солишга муваффақ бўлди.