Тожикистонда Ансаруллоҳ жамоатининг 23 аъзоси судланмоқда

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида 12 март куни диний экстремистлик ташкилотига аъзоликда айбланаётган 23 киши устидан суд бошланди.

Судланувчилар Ансаруллоҳ жамоати ташкилотига аъзоликда айбланмоқда. Тожик расмийлари мазкур жамоат Ўзбекистон исломий ҳаракатининг минтақадаги бўлими эканини иддао қилаётир.

Покистон ва Афғонистондан манзил топган Ўзбекистон исломий ҳаракати АҚШ томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. Бу ҳаракат фаолияти Марказий Осиё давлатларида тақиқланган.

Ўтган ойда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида Ансаруллоҳ жамоатига мансубликда айбланиб 13 одам судланган эди. Улар 9 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилинган.