Ироқ ҳарбийлари Тикритда "Исломий давлат" жангариларини қуршовга олди

Ироқ ҳарбийлари Тикрит шаҳрида “Исломий давлат” гуруҳини қуршовга олди ва шаҳарнинг асосий қисмини эгаллади.

Ҳукумат кучлари 11 март куни Тикрит шаҳрини забт эта бошлаган эди. Ироқ қўмондони Моин ал Кадимий CNN телеканалига 11 кунлик жанглар натижасида Тикрит шаҳрининг 75 фоизи “Исломий давлат” назоратидан озод қилинганини билдирди.

Хабарларда айтилишича, жангарилар шаҳар марказий қисмида қуршовга олинган ва уларнинг сони 150 кишини ташкил қилади.

Ироқ генерали Баха ал Аззавий Франс пресс агентлигига Тикрит шаҳрига барча кириш –чиқиш йўллари ҳукумат кучлари томонидан назорат қилаётганини айтди.