Ўзбекистонда президент сайловини 430 дан ортиқ журналист ёритадиган бўлди

Ўзбекистонда 29 мартга белгиланган президент сайловини 430 нафардан ортиқ маҳаллий ва чет эллик журналист ёритиб боради. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Марказий сайлов комиссияси ўтган ҳафтадаги мажлисида яна 88 нафар ўзбекистонлик ва хорижлик журналистни қайддан ўтказган. Бунгача МСК сайловни ёритиш учун 342 нафар журналистга аккредитация берганди.

Янги қайдга олинган журналистлар ичида Озарбайжон, Бельгия, Британия, Германия, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Қувайт, Латвия, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Россия, Саудий Арабистони, Туркия, Франция, Жанубий Корея ва Япония оммавий ахборот воситаларини тамсил этган мухбирлар бор.

МСКда аккредитациядан ўтган журналистлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, сайловга тайёргарлик ва уларни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларда иштирок этиш, шу жумладан, сайлов куни ҳар бир участкада овоз бериш ва овозларни санаш жараёнини кузатиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 2014 йил декабрида ўтказилган сайловларни 340 дан зиёд журналист ёритиб борган.