Amnesty: Қрим ҳукумати танқидчиларга босим ўтказмоқда

Халқаро амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қримнинг амалдаги ҳукумати ўз танқидчиларининг ўғирлангани ва қийноққа солингани фактлари бўйича тергов олиб бормаётганини билдирди.

Ташкилотнинг 18 март куни эълон қилинган ҳисоботида Қримнинг де-факто етакчилари ўз сиёсатига қарши чиққанларни тазйиққа олиб, минтақада қўқрқув муҳитини яратгани ва бунинг натижасида режим танқидчилари яриморолни тарк этишга мажбур бўлаётгани айтилади.

Amnesty International ташкилотининг Қрим бўйича ҳисоботи Қора денгиз яриморолининг Россия тарафидан аннексия қилинганига роппа-роса бир йил тўлиши билан эълон қилинди.

Россия президенти Владимир Путин ва Москва тарафидан дастакланган Қрим ҳукумати ўртдасидаги аннексия ҳақидаги келишув халқаро ҳамжамият тарафидан кескин танқид қилинган эди.

Ташкилот маълумотига кўра, яриморол аннексиясиданбери минтақада камида беш киши ўғирлаб кетлиган ва уларнинг тақдири ҳозиргача номаълум.

Яна бир ўғирлаб кетилган фуқаро ўлик ҳолда топилган. Унинг баданида қийноқ излари бўлган.

Шунингдек, ташкилот ҳисоботида Қрим ҳукумати қўрқитиш ва чекловчи қонунлар орқали оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат ташкилотларга ҳам босим ўтказаётгани айтилади.