Яман президенти саройига ҳарбий самолётда ҳужум қилинди

Яманнинг Адан шаҳри жанубида жойлашган мамлакат президенти саройига 19 март куни ҳарбий самолётда ҳужум қилинди.

Хабарларга қараганда, ҳужум бошланиши билан президент Абод Раббо Мансур Ходий хавфсиз жойга кўчирилган. Унинг ёрдамчилари президент мамлакатни тарк этмагани ҳақида хабар бермоқда.

Хавфсизлик кучлари президент саройига ҳужум қилган самолётни уриб туширишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.

Мазкур ҳужум президент Ходий тарафдорлари ва исёнчи шиаларнинг Хути гуруҳи ўртасида Адан халқаро аэропортида 19 март куни содир этилган отишмадан сўнг уюштирилди.Отишмада олти киши ҳалок бўлган.

Бир неча йилдан бери ҳокимият учун курашиб келаётган шиаларнинг Хути гуруҳи Яман пойтахти Санони босиб олганидан сўнг мамлакатда зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда.