АҚШ юздан зиёд ҳарбийсини Ямандан олиб чиқиб кетмоқчи

20 март куни Санаа шаҳрида содир этилмиш портлашларда тақрибан 140 киши нобуд бўлган.

Қўшма Штатлар махсус топшириқлар бажарадиган кучлар сафида хизмат қилувчи 100 дан ортиқ ҳарбийсини Ямандан олиб чиқиб кетишга қарор қилди. Бу ҳақда CNN хабар тарқатди.

Америкалик ҳарбийларнинг бу қарорига Яманда хавфсизликни сақлаш бўйича шарт-шароитнинг кескин ёмонлашгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Куни кеча Санаа шаҳрида уюштирилган террорчилик хуружларида 140 чоғли одам ҳалок бўлган, 345 киши яраланганди. Мазкур ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳининг Яман шўъбаси ўз зиммасига олган.

Оқ уй мулозими Жош Эрнест АҚШ бу гуруҳнинг Санаадаги ҳужумларга алоқаси бор-йўқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирган. Эрнестга кўра, “Исломий давлат” тарафдорлари ўзларини ташвиқ қилиш мақсадида мазкур портлашлар учун масъулиятни зиммасига олган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.