АЭХА: Эрон ядровий дастурини ўрганишда “қисман” силжиш бор

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Юкия Амано.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Эроннинг ядровий қурол ясаш салоҳиятини ўрганиш йўлида “қисман” силжишга эришганини билдирди.

БМТ ташкилоти бу борада Теҳрон билан янада яқин ҳамкорлик ўрнатиш келаклигини маълум қилди.

23 март куни Вашингтонда ўтган йиғинда чиқиш қилган АЭХА раҳбари Юкия Амано Эрон ўзининг ядровий дастурини чеклашга қаратилган муваққат келишув бўйича БМТ билан ҳамкорлик қилиб келаётганини айтди.

Бироқ, Аманонинг айтишича, АЭХА ҳалигача Теҳрон тасарруфидаги ядровий модданинг ҳарбий жиҳатларини тўлақонли ўргана олмаган.

- Биз Эрондаги ядровий модда тинч мақсадни кўзлаган, деб хулоса чиқаришдан ҳали ҳам узоқмиз, деди Юкия Амано.

БМТ агентлиги Эроннинг ядровий қурол ясашда фойдаланилиши мумкин бўлган ишларини, жумладан, портловчи моддалар синови ҳақидаги иддаоларни ўрганмоқда.

АЭХА текширувлари дунёнинг қудратли давлатлари ва Эрон ўртасидаги ядровий музокаралар билан параллел тарзда ўтмоқда.

Музокараларда халқаро санкциялар юмшатилиши эвазига Эрон ядровий дастурини чеклаш масаласи кўриб чиқилмоқда.