Афғонистон: Қуролли ҳужумда камида 13 киши ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Вардак вилоятидаги автотрассада қуролли шахслар тарафидан уюштирилган ҳужумда камида 13 киши ҳалок бўлди.

Ҳужум 24 март куни эрталаб, мамлакат президенти Ашраф Ғани АҚШга сафар қилаётган бир пайтда рўй берди.

Associated Press агентлиги маҳаллий расмийга асосланиб ҳужумчилар йўлда ҳаракатланаётган учта автомобилни, жумладан, йўловчи автобусни ўққа тутганини маълум қилди.

AFP агентлиги ҳалок бўлганларнинг барчаси автобус йўловчилари эканини ҳақида хабар берди.

Шунингдек, Сайидобод туманида рўй берган бошқа ҳужумда икки киши яралангани айтилмоқда.

Толибон ҳаракати фаол бўлган ушбу ҳудудда жанггарилар йўл четига ўрнатилган бомбалар ёрдамида хавфсизлик кучларига қарши ҳужумлар уюштириб келади.

Президент Ашраф Ғани 24 март куни Вашингтонда америкалик ҳамкасби Барак Обама билан НАТО кучларисиз қолган Афғонистондаги хавфсизлик масаласи бўйича сўзлашувлар ўтказиши кутилмоқда.