Саудия Яманни бомбардимон қилишда давом этди

Яман пойтахти Санаада 27 март куни Ҳутий исёнчилари ва уларнинг иттифоқчилари ҳаводан ўққа тутилди. Шиа жангарилари Яманда ўз ҳукмини ўрнатишига йўл қўймаслик учун Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳаво ҳужумлари икки кундан бери давом этмоқда.

Ғарб агентликлари маҳаллий аҳолига таяниб, жума куни эрталаб амалга оширилган ҳужумда Санаадаги президент саройи нишонга олганини хабар қилмоқда.

Яман Президенти Абд-Раббу Мансур Ҳадий 26 март куни мамлакатни тарк этиб, Саудия Арабистонига етиб келди.

Ҳаводан зарбалари Мариб вилоятидаги ҳарбий иншоотлар билан Адан порт шаҳридаги ҳаво базасини ҳам нишонга олган.

Яманда чиқадиган Barakish.net мустақил сайтининг хабар қилишича, Ҳутийларнинг истеҳкоми ҳисобланган Саада шаҳри ҳам кечаси бомбардимон қилинган.

Яман соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳаво ҳужумлари оқибатида икки кундан бери камида 39 киши ҳалок бўлган.

Суннийлар ҳукмронлигидаги Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчилари шиа исёнчилари ортида Яманни ўз назоратига олишни ният қилган Эрон турганини ва бунга йўл қўймасликларини айтмоқда. Ҳутийлар Яманнинг шимоли ҳамда жанубдаги бир неча вилоятни назорат қилади.