Обама ва Меркел Эрон масаласида телефон орқали суҳбатлашди

АҚШ президенти Барак Обама ва Германия канцлери Ангела Меркел Эронни ядровий дастур юзасидан муайян битимга келиш борасида қарор қабул қилишга чақирди.

Икки давлат лидери 27 март куни телефон орқали қилган суҳбатида Эрон ядровий дастури масаласида Швейцарияда ўтаётган олти давлат иштирокидаги музокаралдар жараёни муҳокама қилинди.

Музокарачилар март ойи охиригача ядровий дастур бўйича дастлабки келишувга эришишни ва ёзда ядровий дастурни чеклаш эвазига Теҳронга нисбатан санкцияларни юмшатиш бўйича шартномани имзолашни режалаштирган.

27 март куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан учрашган Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф журналистларга “ҳар икки томон ҳам муросага келишдан узоқда” эканини ҳамда “бошқа тараф сиёсий босим кўрсатиш эмас, сиёсий муроса йўлини танлаши керак”лигини айтган.

Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар Британия, Хитой,Франция, Германия, Россия ва Қўшма Штатлар иштирокида ўтмоқда.