Яман президенти ўз мамлакатидаги ғалаёнда Эронни айблаб чиқди

Яман президенти Абод Раббо Мансур Ҳодий.

Саудия Арабистони бошчилигидаги ўн мамлакатдан иборат коалиция учоқлари 29 март куни Ямандаги шиа исёнчилари позицияларига ҳаводан зарба беришда давом этдилар.

Шанба оқшомида Яман президенти ўз мамлакатидаги вазият беқарорлашувида Эронни айблаб чиқди.

Мисрда бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси саммитида чиқиш қилган Абод Раббо Мансур Ҳодий Хутий гуруҳи исёнчиларини “Эроннинг қўғирчоқлари”, деб атади. Яман президентига кўра, Эроннинг Ямандаги зиддиятда ўйнаган роли кенг кўламли минтақавий урушга олиб келиши мумкин.

Ҳужум туфайли мамлакатдан қочишга мажбур бўлган Яман президенти коалиция аъзоларини исёнчилар таслим бўлмагунига қадар ҳаво зарбаларини давом эттиришга даъват қилди.

Эрон ва Хутий гуруҳи исёнчилари Теҳроннинг Ямандаги воқеаларга алоқадорлигини мутлақо рад этмоқдалар.