Германия ташқи ишлар вазири Донбассдаги вазият юзасидан ташвиш билдирди

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер.

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Украина шарқидаги зиддият эскалациясидан хавотир изҳор этди. У ўзаро урушаётган томонларни зудлик билан жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Теҳрон ядровий дастури бўйича Эрон ва дунёнинг олти қудратли давлати музокараларида қатнашаётган Штайнмайер Минск келишувларига оғишмай риоя қилиниши “диққат билан кузатилиши” лозимлигини билдирди.

Аввалроқ ЕХҲТ ўз ҳисоботида Украина армияси Донбассдаги россияпараст айирмачилар томонидан назорат қилинаётган Широкина қишлоғини ўққа тутгани ҳақида хабар қилганди.

Германиянинг Deutsche Welle ёйин ширкати хабарига кўра, ЕХҲТ кузатувчилари Широкино қишлоғига борган пайтда қуролли айирмачилардан бири мониторинг миссияси ходимларига таҳдид қилган.

“Кузатувчилар блокпостдан узоқлашиб, автомобиллари ёнига қайтаётганларида ДХР жангариси осмонга қарата уч маротаба ўқ узган”, дейилади ЕХҲТ ҳисоботида.