Freedom House Хадича Исмоиловани озодликка чиқариш бўйича халқаро кампания бошлашга чақирмоқда

Хадича Исмоилова.

Freedom House ташкилоти Озарбайжон ҳукуматига журналист Хадича Исмоиловани озод қилиш борасида босим ўтказиш бўйича халқаро кампания бошлашга чақирди.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Freedom House ташкилоти вице президенти Арч Паддингтон 30 март куни чоп қилган блогида бу кампания яқинда Мисрда Al-Jazeera телеканалининг уч журанлисти озод қилиниши билан якунланган ҳаракатларга ўхшаш бўлиши лозим, дея билдирди.

Паддингтон Озодлик билан ҳамкорлик қилган журналист Исмоиловага Озарбайжон президент Илҳом Алиев ҳукумати тарафидан қўйилаётган айбловлар сиёсий мотивларга асосланган, дея таъкидлади.

Паддингтоннинг айтишича, Исмоиловага қўйилаётган айбловлар унинг “Озарбайжон сиёсий элитаси, хусусан Алиев оиласи ичидаги” чуқур илдиз отган коррупция тўғрисидаги журналистик суриштирувлари билан боғлиқдир. Исмоилова президент Алиевнинг икки қизига доир репортажларни тайёрлаган.

Алиев ҳукумати, деди ҳуқуқ фаоли, “Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович ҳокимиятдан қувилиши ортидан васвасага тушиб қолган”. Freedom House раҳбари шунингдек Вашингтон ўзининг дипломатик воситаларини Исмоиловани озод қилиш учун ишлатиши лозим, дея таъкидлади.