Эрон Саудияни Яманни бомбардимон қилмасликка чақирди

Хусайн Амир Абдуллоҳиён.

Эрон ҳукумати Саудия Арабистонини Яманни бомбардимон қилишни тўхтатишга чақирди.

Қувайтга сафар қиилган Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Хусайн Амир Абдуллоҳиённинг 31 март куни билдиришича, Эрон ва Саудия Арабистони Ямандаги вазиятни барқарорлаштириш масаласида ҳамкорлик қила олади.

Айни пайтда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Сауд ал Файсал Эронни Яманда ҳукуматни босиб олишга ҳаракат қилаётган шиа исёнчиларининг Хутий гуруҳини қўллаб - қувватлаётганликда айблади ва “Теҳрон Ямандаги вазиятни издан чиқаришни исташини” айтди.

Саудия Арабистони ва унинг Форс кўрфазидаги 9 иттифоқчиси Ямандаги шиа исёнчиларининг истеҳкомларини олти кундан бери ҳаводан бомбардимон қилмоқда. 31 март куни Саудия Арабистони ҳарбий кемалари шиа исёнчилари босиб олган Аден шаҳри ва аэропортни биринчи марта ўққа тутди.