Истанбулда гаровга олинган прокурор ҳалок бўлди

Маҳмат Салим Кираз Халқ озодлиги инқилоб-жабҳаси гаровида.

Истанбулдаги суд биносида Туркиянинг ультраўнгчи Халқ озодлиги инқилоб жабҳаси томонидан 31 март куни гаровга олинган шаҳар бош прокурори хавфсизлик кучлари ва экстремистлар ўртасида содир бўлган отишма натижасида ҳалок бўлди.

Хабарларга қараганда, отишмада прокурорни гаровга олган икки шахс ҳам ўлдирилган.

Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон прокурор Маҳмат Салим Кираз хавфсизлик кучларининг қутқарув амалиёти пайтида бошидан жароҳат олгани ва касалхонада операция пайтида вафот этганини айтди.

Полиция эса прокурор гаровга олинган суд биносидан ўқ овозлари эшитилгач, хавфсизлик кучлари қутқариш бўйича амалиётни бошлашга мажбур бўлганини билдирмоқда.

Кираз 2013 йилдаги аксилҳукумат намойишлари пайтида полиция томонидан отилган газ шашкаси бошига тегиши оқибатида ҳалок бўлган 15 яшар Беркин Элван ишини кўриб чиқаётган эди.

Халқ озодлиги инқилоб жабҳаси Элваннинг ўлимида айбдор, деб билувчи полициячини жавобгарликка тортиш ва Элванни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш иштирокчларига қўйилган айбловларни олиб ташлашни талаб қилган.

Халқ озодлиги инқилоб жабҳаси АҚШ, Европа Иттифоқи ва Туркия ҳукуматлари томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.