Тожикистонда ЎИҲга аъзоликда айбланганлар қамалди

Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари.

Тожикистон суди тақиқланган исломий гуруҳга аъзоликда айбдор деб топилган 11 кишини бир йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум қилди.

Олий суднинг 1 апрель куни эълон қилган баёнотида айтилишича, Сўғд вилоятининг Спитамен қишлоғидан бўлган етти киши 31 март куни Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликда айбдор деб топилиб, етти йилдан 17 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Улар ҳақида давлат идораларига хабар бермаган яна уч нафар спитаменлик жиноятга шерикликда айбдор деб топилган ва 1 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шунингдек, 31 март куни кўрилган алоҳида ишда Сўғд вилоятининг Исфара тумани турғуни ҳам ЎИҲга аъзоликда айбдор деб топилиб, тўққиз йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Афғонистон ва Покистонда фаол бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати АҚШ тарафидан террорчи гуруҳ деб эълон қилинган ва Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россияда тақиқланган.

Айни дамда ЎИҲ Толибон ҳаракатидан масофалангани, Сурия ва Ироқда фоал бўлган "Исломий давлат" билан, аксинча, яқинлашаётгани айтилмоқда.