Тўқтўғул сув омборида сув ҳажми кескин пасайди

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир қисмини сув билан таъминлайдиган Қирғизистоннинг Тўқтўғул сув омборида 6 миллиард 200 миллон кубометр сув қолди.

Қирғизистондаги “Электр станциялар” ширкатининг билдиришича, бугунги кунда сув омборидан чиқаётган ва омборга келаётган сув оқими ўртасидаги фарқ секундига минус 121 кубометрга баробар бўлмоқда.

19 миллиард кубометр сув сақлашга мўлжалланган Тўқтўғул сув омборида камсувлик жараёни ўтган йилда бошланган эди.

Сув омборидан таъминланадиган Тўқтўғул ГЭСи 5 миллиард 400 миллион куб метр сув қолганда узил кесил тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бунинг ортидан эса Ўзбекистогн, Қозоғистон ва Тожикистоннинг бир қисмига суғориш мавсумида сув бериш ҳам тўхтатилади.

Қирғизистонлик мутахасисларнинг айтишларича, мазкур сув омборидан Ўзбекистонга ҳар йили суғориш мавсумида камида 6 миллиард кубометр сув берилиб келган.