Остонага келган Эрон ташқи ишлар вазири "Исломий давлат"га қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришга чақирди

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов.

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф Қозоғистонга қилган ташрифи чоғида “Исломий Давлат” гуруҳига қарши курашда ҳамкорликни ошириш эҳтиёжи борлигини баён қилди.

Зариф 13 апрель куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов билан учрашувда экстремист гуруҳидан келаётган таҳдид масаласини муҳокама қилди. Зариф Ироқ ва Сурияда катта ҳудудларни эгаллаб олган “Исломий давлат” гуруҳи Марказий Осиё минтақаси билан чегарадош Афғонистонда ҳам нуфузини ошираётганини эслатди.

Учрашувдан кейин журналистлар билан мулоқот чоғида Зариф ва Идрисов ўзаро муносабатлар, жумладан савдо, минтақа хавфисзлиги ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг жорий йилда Эронга режалаштирилган ташрифига доир масалалар муҳокама этилганини билдиришди.

Теҳрон ядровий бўҳрони борасида Эрон билан олти қудратли давлат ўртасидаги музокараларга мезбонлик қилган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири эронлик ҳамкасбини дастлабки келишувга эришилгани билан табриклади. 2 апрель куни Швейцарияда эришилган келишув натижасида жорий йил 30 июнига қадар “тўлақонлик битим”нинг имзоланишига умид қилишини билдирди Идрисов.

Остонага сафари давомида Зарифнинг президент Назарбоев билан ҳам учрашиши кутилмоқда.