Хитой раҳбари иқтисодйи ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни оширгани Покистонга келди

Хитой Президенти Си Цзипинь.

Хитой Президенти Си Цзипинь 20 апрель куни Покистонга сафар бошлади. Томонлар мазкур ташриф иккитомонлама иқтисодий муносабатларни оширади, дея умид қилмоқда. Хитой раҳбарининг Покистонда жами 46 миллиард АҚШ долларига тенг инфратузилма ва энергия соҳасига доир лойиҳаларни эълон қилиши кутилмоқда.

Икки томонлама музокаралар натижасида Покистоннинг Гвадар порт шаҳрини Хитойнинг Шинжон мухтор вилоятини боғловчи Покистон-Хитой Иқтисодий Корридорини тузиш бўйича келишувнинг имзоланишига умид билдирилмоқда.

Мазкур корридор Покистоннинг Балужистон вилоятидан ўтади. Аҳолисининг аксар қисми қашшоқ бўлган Балужистон йиллардан бери айирмачилик ҳаракатлари, жиноий гуруҳлар ва исломий жангарилар билан боғлиқ кескинлик ичида қолган.

Покистон Бош вазири Навоз Шариф билан сўзлашувлар чоғида президент Си Афғонистон масаласида ҳамкорлик ҳамда шинжонлик уйғур айирмачиларининг Покистондаги жангарилар билан кучларини бирлаштираётганига доир хавотирларни кўтариши кутилмоқда.

Ташрифи арафасида Хитой раҳбари иқтисодий ҳамкорлик хавфсизлик соҳасидаги натижаларга боғлиқ бўлади, дея баён қилди. “Хитой ва Покистон иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш учун хавфсизлик масалаларида яқинлашиши лозим”, деди Си Покистон матбуотига берган интервьюсида.