Қирғизистон Бош вазири Жоормат Оторбаев истеъфо берди

Собиқ бош вазир Жоормат Оторбаев.

Қирғизистон Бош вазири Жоормат Оторбаев истеъфога кетишини эълон қилди. Ўз қарорини 23 апрель куни Қирғизистон парламентида эълон қилган Оторбаев бунинг сабабларини аниқлаштирмади.

Бош вазир истеъфоси Қирғизситоннинг Қумтор олтин кони билан боғлиқ жанжаллар яна авж олган пайтга тўғри келди. Мамлакатнинг энг йирик олтин кони ҳукумат учдан бир қисмига эгалик қиладиган Қумтор Олтин ширкати томонидан бошқарилади. Ширкатнинг қолган катта қисми Канаданинг Centerra Gold компаниясига қарашли.

10 апрель куни давлатга қарашли Қирғизолтин ширкати бошлиғи Токон Мамитов Қумтор Олтин ўрнига очилиши кутилаётган янги Қирғизистон-Канада қўшма корхонаси бошқарув кенгашига хориж фуқароларини ҳам қабул қилишга оид Оторбоевнинг таклифига норозилик билдириб истеъфо берган эди.

2003 йилдаги битимга кўра, Қирғизистон ҳукуматига ширкатнинг 17 фоизи, қолгани Канада ширкатига қарашли бўлган. 2009 йилда битим қайта кўриб чиқилиб, улушларнинг 33 фоизи Қирғизистонга ўтказилди.

Мухолифат партиялари ва маҳаллий аҳоли кейинги йилларда олтин конини давлат ҳисобига ўтказишни талаб қилиб келгани боис 50/50 асосида янги қўшма корхона тузиш бўйича музокаралар бошланди.