Олмаотада кўприк қулаши оқибатида 19 одам жароҳатланди

Кўприк қулаши оқибатида бир одам вайроналар остида қолган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида қурилаётган осма кўприк 24 апрель куни қулаб тушгани оқибатида 19 одам жароҳатланди, бир одам бедарак кетди. Хабарларга қараганда, уларнинг барчаси қурилишда ишлаётган одамлар бўлган.

Олмаота расмийлари бедарак кетган ишчи кўприк вайроналари остидан қидирилаётганини маълум қилди.

Кўприқ қулаб тушган пайтда бу ерда 50 одам ишлаётган бўлган. Яраланган 19 одамдан уч нафарининг аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда. Қурилишда ишлаганларнинг барчаси Қозоғистон фуқарорларидир.

Хабарларга қараганда, қулаб тушган кўприкнинг узунлиги 125 метр, кенглиги 11 метрдан 18 метргача бўлган. Мазкур кўприкнинг жорий йилда ишга туширилиши режалаштирилган эди.