“Исломий давлат” жангарилари Ироқ армияси генералини ўлдирди

Ироқ армияси танкларидан бири.

Ироқ шимолидаги Фаллужа шаҳрида ҳукумат кучлари ва “Исломий давлат” жангарилари ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда.

25 апрель куни “Исломий давлат” жангарилари Ироқ армияси 1-дивизиясининг раҳбари генерал Ҳасан Аббос Тўфон ва уч зобитни ҳамда 10 аскарни ўлдирдилар.

Шанба куни жангарилар асирга олинган ироқлик зобит ва аскарларни Фаллужа кўчаларида машинага солиб, намойиш қилиб юрдилар.

“Исломий давлат” гуруҳи 25 апрелдаги жангдан сўнг Тиртар кўли жанубидаги сув омборининг бир қисми устидан назорат ўрнатишга муваффақ бўлган. Интернетда ёйинланган видеода жангарилар пойтахт Бағдод ва бошқа шаҳарларни тошқиндан тўсиб турувчи тўғон устида бемалол ҳаракатланаётгани акс этган.

Бу орада Анбар вилояти ғарбида “Исломий давлат” гуруҳига мансуб уч худкуш Ироқ-Урдун чегарасидаги назорат-ўтказиш масканига ҳужум қилган. У ерда ироқлик тўрт аскар ҳалок бўлгани ва 10 аскар яралангани айтилмоқда.