Қримлик фаол қрим татарларнинг тижорат объектларига ўт қўйилаётганини иддао қилмоқда

Эскендер Бариев қрим татарлар мулкига ўт қўйилаётганини айтмоқда.

Қрим татар Мажлиси аъзоси, қрим татар халқи ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси мувофиқлаштирувчиси Эскендер Бариев Қримда қрим татарларга тегишли бўлган тижорат объектларига номаълум шахслар томонидан ўт қўйилаётганини иддао қилмоқда.

Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида маълумот берган.

Унга кўра, сўнгги бир неча кун ичида Рибачье ва Алуштада 7 тижорат объекти: меҳмонхона, “Ай Петри”, “Уют” кафелари, савдо павильони, савдо шаҳобчалари ва 4 автомашинага ўт қўйилган.

Айни пайтда "Крим.Реалии" нашри бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига ҳеч ким шикоят қилмаганини билдирган.

Ўтган дам олиш кунлари Қрим мусулмонлари диний идораси Боғчасарой туманидаги Скалистое қишлоғида номаъум шахслар масжидга “Молотов коктейллари” отганини маълум қилган эди.