Покистон ҳарбийлари: Ҳаво ҳужумларида 44 жангари йўқ қилинди

Покистон ҳарбийлари 2 май куни Афғонистон билан ёндош Қабилалар минтақасида амалга оширилмиш сўнгги ҳаво зарбалари чоғида камида 44 нафар жангари ўлдирилганига оид маълум тарқатди.

Баёнотда айтилишича, ҳаво ҳужумлари Толибоннинг Шимолий Вазиристондаги ва Тираҳ водийсидаги таянч нуқталарига қарата берилган.

Покистон ҳарбийларига кўра, ҳаво зарбалари туфайли Тираҳда 28 жангари, Шимолий Вазиристонда эса 16 жангари йўқ қилинган.

Ҳарбийларнинг бу иддаоларини мустақил манбалар томонидан тасдиқлатиш имкони йўқ, чунки Қабилалар минтақаси кўп йиллардан бери журналистлар учун ёпиқ ҳудудлигича қолмоқда.

Ҳаво зарбалари 2014 йил июнида толибларнинг Карачи халқаро аэропортига қилган ҳужуми ортидан бошланган йирик амалиётнинг бир қисми экани айтилмоқда. Бу ҳужум Покистон расмийлари ва Таҳрики Толибон ўртасидаги тинч музокараларга якун ясаганди.