Ливия қирғоғида қутқарилган муҳожирлар сони 4800 нафарга етди

Италиялик қутқарувчилар Ўртаер денгизида ўтказган 17 та амалиёт натижасида ноқонуний йўл билан Африкадан Европага кетаётган минглаб муҳожир қутқариб қолинди. Айни пайтда сувга чўккан 10 нафар муҳожирнинг жасади топилди.

Итальян расмийлари қутқарилганларнинг барчаси Италияга етказилганини, уларнинг фуқаролиги ҳали аниқланмаганини билдирдилар.

Жорий йил бошидан бери Ўртаер денгизи орқали ноқонуний йўллар билан Европага ўтиб кетмоқчи бўлганлардан камида 1750 киши ҳалок бўлган. Биргина апрель ойида кема ҳалокати оқибатида Ливия қирғоқларида 800 чоғли муҳожир нобуд бўлган.

Халқаро миграция ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, Ўртаер денгизида ҳалок бўлган ноқонуний муҳожирлар сони бу йил 30 мингга етиши мумкин. Бу 2014 йилдагига қиёсан 10 марта кўпдир.