Донбассда яна бир украин аскари ҳалок бўлди

Донбассдаги украин аскарлари.

Оташкесим битими амал қилиши лозим бўлган Украина шарқида 3 май куни айирмачилар ҳужуми натижасида яна бир украин аскари ҳалок бўлди, олти нафари яраланди.

Украина президенти маъмуриятининг аксилтеррор амалиётлари масалалари бўйича вакили Андрей Лисенко кечаги брифингда айирмачилар ҳукумат кучларига қарши ҳужумда йирик калибрли артиллерия снарядларидан фойдаланганларини билдирди.

Украин ҳарбийларига кўра, оташкесим битимини бузган айирмачилар 3 май куни Киев кучларини 36 марта тўпдан ўққа тутган. Айни пайтда айирмачилар вакиллари оташкесим битими Киев кучлари томонидан бузилганини иддао қилмоқдалар.

Украина шарқида россияпараст айирмачилар ва украин армияси ўртасида ўтган йилдан бери давом этаётган урушда шу кунгача ҳалок бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 6100 кишидан ошиб кетди.

Жорий йил февралида бу ҳудудда ўт очишни тўхтатиш ҳақида битимга эришилганди, бироқ бу тартиб бир неча бор бузилиб, ҳар икки томондан бир қанча аскар ўлган ва ярадор бўлган.