Немис расмийлари Германияга келган рус байкерлари “Тун бўрилари” гуруҳидан эмаслигини айтмоқда

"Тун бўрилари" гуруҳига мансуб рус байкерлари.

Германия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби 3 май куни Германияга кириб келган рус байкерларининг “Тун бўрилари” гуруҳига алоқадор эканига ҳеч қандай далил йўқлигини билдирди.

Кремлпараст “Тун бўрилари” гуруҳи II жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигини Москвадан Берлингача бўлган мотоюриш билан нишонлашни режалаётганди.

Европа Иттифоқининг айрим мулозимлари бу режани танқид қилган, Польша эса Украинадаги зиддият туфайли рус байкерларини Варшавага қўймаган.

Германия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Tobias Plate 4 май куни полиция Австриядан келган 10 байкернинг ҳужжатларини текширгани, бироқ уларнинг “Тун бўрилари” гуруҳига мансублигини исботловчи ҳеч қандай далил топмаганини билдирди. Мулозим бу байкерлар шунчаки “Тун бўрилари”га хайрихоҳ кишилар бўлгани аниқланганини маълум қилди.

Германия ҳукумати “Тун бўрилари” гуруҳи раҳбарларидан бир неча кишига виза беришни рад қилган.

2 май куни мазкур гуруҳнинг икки аъзоси Венада Австрия пойтахтини озод қилган совет аскарлари хотирасига гулчамбар қўйганди.