Қирғизистон уяли алоқа операторлари ўзбек тилида хизмат кўрсатишда давом этади

Қирғизистондаги ўзбекларнинг 90 фоизи "Мегаком" ширкатига улангани айтилади.

Қирғизистондаги ижтимоий тармоқларда миллатчилик руҳидаги айрим шахсларнинг “Мегоком” уяли алоқа ширкати ўз мижозларига ўзбек тилида хизмат кўрсатаётганидан норозилиги кучайганига қарамай, мазкур ширкат ўзбек тилида хизмат кўрсатиш бўлимини бекор қилмайди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, норозилар орасида Қирғизистоннинг кўзга кўринган маданият намоёндалари ҳам бор.

Ширкат расмийсининг айтишича, Ўш ва Жалолобод вилоятларида яшовчи ўзбек аҳолисининг 90 фоизи “Мегаком” абонентидир. Шунинг учун ҳам ўзбек тилида хизмат кўрсатиш бекор қилинмайди.

“Мегаком” ширкати ўз мижозларига қирғиз, рус ва ўзбек тилларида хизмат кўрсатади. Ширкат расмийси абонент ўзига ёққан тилни танлаб олиш имкониятига эгалигини таъкидлаган.

Қирғизистонда “Мегаком” ширкатидан ташқари “Билайн” уяли алоқа оператори ҳам абонентларига қирғиз ва рус тилларидан ташқари ўзбек тилида ҳам хизмат кўрсатиб келади.