АҚШ Сенати Эрон билан 5+1 ўртасидаги битимни рад этиш ҳуқуқини овозга қўяди

АҚШ Сенати 7 май куни Конгрессга Эрон билан тузиладиган халқаро битимни қайта кўриб чиқиш ҳуқуқини берувчи Республикачилар тарафидан илгари сурилган қонун лойиҳасини овозга қўяди.

Қонун лойиҳасида АҚШ Конгрессига Теҳронга кескинроқ шартларни қўйиш ваколатини бериш кўзда тутилган. Ҳужжатга кўра, олти қудратли давлат билан Эрон ўртасида битимга эришилса, Теҳронга нисбатан АҚШ санкцияларини бекор қилиш қарори 30 кунга тўхтатиб қўйилиши кўзда тутилган. Бу вақт ичида конгресс битимни маъқуллаш ёки рад қилиш масаласини овозга қўйиши мумкин бўлади.

"Эрон Ядровий битимни қайта кўриб чиқиш акти", деб номланган қонун лойиҳасини расмий Теҳрон танқид қилиб, эронлик музокарачилар ядровий масала бўйича алоҳида бир мамлакат парламенти эмас, олти қудратли давлат билан музокара қилаётганини эслатди.

Ўтган ҳафта Республикачи сенаторлар орасида қонун лойиҳасига киритилган ўзгартишлар борасида баҳс юзага келди. Унга киритилган айрим шартлар Демократларнинг уни рад этиши ва президент Барак Обаманинг вето ҳуқуқида фойдаланишига туртки бўладиган “заҳарли дори”, дея аталди.