Британия сайловида Консерватив партия ғалаба қилгани башорат қилинмоқда

Сайлов натижаларига кўра, Кэмерон бош вазирлик лавозимини сақлаб қолиши мумкин.

Британиянинг амалдаги бош вазири Дэвид Кэмерон яна беш йил иқтидорда қоладиган кўринади. БиБиСи ўтказган экзит полл сўровларига кўра, кеча ўтказилган сайловда Консерватив партия Британия Парламенти қуйи палатасидаги 650 ўриндан 326тасини қўлга киритиб, кўпчиликни ташкил қилиши мумкин.

Хабарларга кўра, Кэмероннинг 8 май куни Британия Қироличаси Елизавета билан учрашиши режалаштирилган. Британияда янги ҳукумат тузиш олдидан мамлакат монархи билан учрашиш талаб этиладиган расмиятчиликдир.

Кэмероннинг ғалаба қилиши Британияда келаси икки йил ичида Европа Иттифоқида қолиш ёки ундан чиқиш масаласи референдумга олиб чиқилиши мумкинлигини англатади. Бу Кэмерон ўзининг сайловолди кампанияси давомида берган асосий ваъдаларидан биридир.

Экзит полл натижаларига кўра, мухолифатдаги Лейбористлар партияси атиги 239 ўринни эгаллаши башорат қилинмоқда. Лейбористлар учун бундай катта ютқизиқнинг сабаби мазкур партиянинг Шотландияда сайловларни Националистларга бой бериши бўлди.