Кобулда Толибон ҳужумида 14 одам, жумладан 7 хорижлик ҳалок бўлди

БМТ расмийларига кўра, кеча Кобулдаги меҳмонхонага Толибон уюштирган ҳужум оқибатида 14 киши ҳалок бўлган.

14 май куни эрталаб бир соат давом этган отишмадан кейин Кобулнинг Park Palace меҳмонхонасида бўлган 54 одам, жумладан 45 нафар хорижлик қутқариб олинди.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси 14 май куни эълон қилган баёнотга кўра, “Park Palace меҳмонхонасига маданий тадбирга тўпланган фуқароларга қарши қаратилган ҳужумда 14 тинч фуқаро ҳалок бўлган ва яна бир неча киши жароҳатланган”.

Ҳужумда ҳалок бўлганлар орасида АҚШнинг бир фуқароси, Британия ва Афғонистон қўшфуқароси, бир нафар италиялик ва тўрт нафар ҳиндистонлик борлиги хабар қилинди. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, қурбонлар орасида Қозоғистон ва Покистон фуқаролари ҳам бўлган.

Уч нафар худкуш камзулини кйиган ҳужумчи ҳам ўлдирилган. “Улар худкушлик камзулларини ҳаракатга келтиришга улгурмаган”, дея маълум қилди Кобул полицияси бошлиғининг ўринбосари Сайид Гул Оға Руҳоний.

Толибон ҳаракати Озодликнинг афғон хизматига юборган баёнот орқали ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.