Озарбайжон суди Хадича Исмоиловани яна уч ойга ҳибсда қолдирди

Хадича Исмоилова.

Озарбайжон суди журналистик суриштирувлари билан танилган мухбир Хадича Исмоиловани тергов изоляторида сақлаш муддатини узайтирди. Озодлик билан ҳамкорлик қилган журналист ўтган йилнинг декабридан бери панжара ортида қолмоқда.

14 май куни Боку суди Исмоиловани ҳибсда қолдириш муддатини уч ойга узайтириш тўғрисида қарор чиқарди.

Ўз репортажларида Озарбайжон ҳукумати расмийларининг коррупцияга алоқадорлигини фош қилган Исмоилова бир одамни ўз жонига қасд қилишга мажбурлаганлик айби билан 5 декабрь куни ҳибсга олинган эди. Бу борада шикоят билан мурожаат қилган шахс кейинчалик ўз аризасини қайтариб олишга ҳаракат қилди, лекин прокуратура унинг сўровига жавоб бермади. Шундан кейин Исмоиловага солиқдан бўйин товлаганлик, ноқонуний тадбиркорлик ва ваколатини суиистеъмол қилганлик каби янги айбловлар қўйилди.

Журналистнинг ўзи бу айбловларни инкор қилиб, уларни сиёсий мотивларга асосланган дея баҳолайди. Ўтган ҳафта Халқаро PEN маркази Исмоиловага PEN/Barbara Goldsmith Freedom to Write мукофотини берди. Журналистика соҳасидаги нуфузли мукофот Исмоилованигн “Озарбайжон ҳокимиятининг юқори доираларидаги коррупцияни фош этган нишонли терговлари” учун берилди.