Украинада коммунистик ва нацистик тарғибот тақиқланди

Украинада қабул қилинган янги қонунга асосан Ленин ҳайкаллари ағдарилади.

Украина президенти Петро Порошенко мамлакат ҳудудида Совет Иттифоқи ва коммунистик тузим рамзларини тарғиб қилишни тақиқловчи қонунни имзолади.

Украина президенти маъмуриятининг 15 май куни билдиришича, мазкур қонун имзоланиши ортидан 1917 йилдан 1991 йилгача ҳукмронлик қилган Шўро ҳукумати жиноий режим деб топилди.

Янги қонунга асосан энди Украина ҳудудида ўрнатилган Шўро ҳукумати асосчиси Владимир Ленин ҳайкаллари ҳамда Шўроларни эслатувчи рамзлар олиб ташланади. Қонунда Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Украинани босиб олган нацистлар режими рамзларини ҳам тарғиб қилиш тақиқланган.