ИД кўринмас сиёҳ ва сохта мўйловлардан қандай мақсадларда фойдаланади?

Март ойида ижтимоий тармоқларда тарқалган электрон китоб

Кўзга кўринмас сиёҳ, сохта мўйловлар, рангли контакт линзалар ва махфий код сўзлар Нэнси Дрю ҳақидаги асарлар ёки “Шпион болалар” фильмининг масаллиқлари сингари янграйди.

Аммо “Исломий Давлат” (ИД) гуруҳи томонидан чоп этилган янги қўлланмага кўра, Сурияга бора олмаган бўлажак аскарлар ўз уйларидан туриб, бу оддий ҳийлалардан "ИД яширин агентлари" сифатида фойдаланишлари мумкин.

Инглиз тилида битилган 71 саҳифали қўлланма “Мужоҳид йўриқномаси: Ғарбда қандай қилиб омон қолиш мумкин” деб номланади.

Ушбу қўлланма ижтимоий тармоқларда март ойида тарқала бошлади.

“Мужоҳид йўриқномаси” маскировка санъати, кузатувни чалғитиш, интернет дахлсизлиги ва “ибтидоий қуроллар” ҳақида турли хил маслаҳатлар беради.

Мени Ал деб чақирсангиз ҳам бўлади

“Экстремист шахсини яшириш” деб номланган қўлланманинг биринчи боби шубҳа уйғонмаслиги учун ИД жангчиларига ўз исмларини ғарбона шаклга ўзгартиришни тавсия қилади.

Мисол учун, мужоҳид “Али” биргина ўз исмини “Ал” деб ўзгартириш билан полиция диққатини ўзига тортмаслиги мумкин.

"Лақаблар жосуслик имконларини ошириши мумкин", дейилади қўлланмада.

У, шунингдек, ИД жангчиларига, соқол қўйиш шартларига риоя қилган ҳолда, ўзгалар эътиборини тортмаслик усулларини ўргатади.

Масалан, жангчилар “эчки соқолни паст қилиб ўстириш билан” ғарбликларни аҳмоқ қилиши мумкин.

Қўлланмага кўра, одамлар бу соқол “жуда замонавий услубда” қўйилган ва ИДга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деган ўйга боришлари мумкин.

"Рангли контакт линзалари ҳам жангарининг кўринишини ўзгартириши ва у ҳақда одамлар полицияга нотўғри маълумот беришлари мумкин", деб таъкидланади қўлланмада.

Аёлларга эса қора ҳижобларни ранглиларига ўзгартириш маслаҳати берилган.

Чунки, қўлланмага кўра, "қора ҳижоб ўраган аёллар аэропортларда кўпроқ текширувдан ўтказилади".

Махфий сўзлар ва кўринмас сиёҳ

Жангчилар ўзларини маскировка қилишни ўрганди ҳам дейлик, аммо улар бир-бирлари билан қай йўсинда алоқа қилишлари мумкин?

Қўлланма китоби Ғарбда яшаган "ИД яширин агентлари"га, айниқса, бошқа жангарилар билан алоқа учун электрон ускуналардан фойдаланган пайтда шубҳа уйғотадиган “ўта ҳассос сўзлар” ўрнига кодли сўзлардан фойдаланишни тавсия қилади.

Телефон орқали аслаҳа сотмоқчи бўлсалар, мисол учун, жангарилар “қурол” сўзи ўрнига “машина” сўзини ишлатишлари керак.

Бундай усул, хавфсизлик ходимлари уларни эшитаётган бўлсалар, шубҳа уйғотмайди.

Телефон ўрнига эскича услуб, яъни мактубни қўл билан ёзадиган жангариларга ҳам тавсиялар берилган.

Улар лимон сувидан тайёрланган сиёҳдан фойдалансалар, ёзув қоғозда кўринмайди.

"Хатни олганлар мактубни иситгач, ўқиш имконига эга бўладилар", дейилади қўлланмада.

Дангаса бўлма

Ўзни “Ал” деб атаб, сохта мўйлов қўйиб, кўринмас сиёҳлар ёрдамида махфий мактублар ёзиб, Ғарбни йиқитиш мумкин, деган ўйга борган ИД жангарилари қўлланманинг бешинчи бобига етган маҳалда ҳайратга тушишлари турган гап.

“Машқ” деб номланган ушбу бобга кўра, “Римни забт этиш асосан Европа шаҳар ва кўчаларида жанглар олиб боришдан иборат бўлади".

"Энди ўзингдан сўра, - дейилади қўлланмада, - сенга қай турдаги Машқ керак?"

“Мужоҳидлар нонушта қилишдан олдин ҳар куни тоғларда бир неча соат югуришади", дея огоҳлантиради қўлланма.

Аммо атрофда тоғ бўлмаса-чи? Қўлланмада яна амалий таклиф илгари сурилади: “Спортзалга бориш” ёки “паркда югуриш”.

Яхшиямки, иккала машғулотга ҳам “Ғарбда нормал қаралади."

Шаҳар жангларига тайёр бўлиш учун ИД махфий агентларига яна "зинадан юқоридан пастга, пастдан юқорига югуриш жуда яхши машғулот" экани уқтирилган.

Даҳшатли тавсиялар

Сохта мўйловлар, кўринмас сиёҳ ва жосуслик камералари сингари содда маслаҳатлардан ташқари ИД электрон китобида ўта хавфли ва даҳшатли тавсиялар ҳам мавжуд.

Террор ҳужумларида қўлланадиган ҳалокатли портловчи моддаларни қандай тайёрлаш бўйича кўрсатмалар шулар жумласидандир.

Унда, шунингдек, қандай қилиб михдан бомба, уяли телефондан детонатор ва "оддий машина бомбалари"ни ясаш ҳамда уларни нишонга етказиш бўйича йўриқлар берилган.

Мунтазам ташвиқот

Қўлланма асосида ИД мақсадларига хайрихоҳ бўлган ғарблик мусулмонларга якка ҳолда ҳам ҳужумлар содир этиш мумкинлиги ва зарурлиги ҳақидаги хабар ётади.

Бунинг учун ИД хайрихоҳлари ИД аъзолари бўлиши шарт эмас.

"Сизнинг ИД билан ягона робитангиз ғоявийдир," дея тушунтирилган электрон китобда.

Бу ИД сўнгги пайтларда тарқатаётган видео ва бошқа ташвиқот материалларига уйғундир.

Масалан, яқинда тарқатилган бир видеода австралиялик ИД жангариси Неил Пракаш Австралия мусулмонларини "қўзғалиш" ва “аввал ҳужум қилиш”га чақирганди.

Бу каби чақириқлар француз, чечен ва канадалик жангарилар томонидан ҳам янграган.