НАТО Бош котиби Москва Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклашни бас қилиши лозим, деб ҳисоблайди

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга “Москва Украина шарқидаги айирмачиларини дастаклашни бас қилиши керак”, дея билдирган. Бу ҳақда Столтенбергнинг ўзи 19 май куни Лавров билан Брюсселда бўлиб ўтган учрашувдан кейин маълум қилди.

НАТО Бош котиби Россия ташқи ишлар вазирига сўнгги пайтда Россияда ўтказилаётган ҳарбий машқлар сони кўпайганидан ҳам ташвиш изҳор қилган.

“Биз чегараларимиз бўйлаб ҳарбий ҳозирлик кучайган бир пайтда шаффофлик ўта зарурлигини ҳам муҳокама қилдик”, деди Йенс Столтенберг.

НАТО ва Москва ўртасидаги алоқалар 2014 йил мартида Россия аввал Украинага қарашли бўлган Қрим яриморолини ўз ҳудудига қўшиб олганидан кейин сезиларли даражада сусайиб кетди.

НАТО Россияни Украина шарқидаги айирмачиларни қурол-аслаҳа ва қўшин билан дастаклаётганликда ҳам айблаб кетади. Айни пайтда Москва бу айбловларни тамоман рад этиб келмоқда.