Ригада "Шарқий ҳамкорлик" саммити давом этмоқда

Европа Кенгаши раиси Дональд Туск.

Ригада бугун “Шарқий ҳамкорлик” саммити давом этади. Европа Кенгаши раиси Дональд Туск саммитнинг 21 май куни ўтган биринчи йиғилишида “Шарқий ҳамкорлик” лойиҳасида иштирок этаётган олти постсовет давлати билан Европа ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаадор эканини таъкидлади.

Дональд Туск ўз сўзида мазкур саммит Москвага қарши қаратилмаганини алоҳида урғулади. Германия канцлери Ангела Меркел эса ўз сўзида “Россиядан фарқли ўлароқ биз Шарқий ҳамкорликка аъзо бўлган барча халқлар ўз йўлидан бориш ҳуқуқига эга эканини тан оламиз ва бу нарсани қабул қиламиз”, деб билдирди.

“Шарқий ҳамкорлик” лойиҳасига Украина, Молдова, Грузия, Озарбайжон, Арманистон ва Беларус аъзо бўлган. Украина, Молдова, Грузия Европа Иттифоқи билан чуқурроқ интеграциялашувга ҳаракат қилмоқда.

Арманистон ва Беларус Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқи аъзолари сифатида “Шарқий ҳамкорлик” лойиҳасидаги иштирокини муайян даражада чеклаб турибди. Инсон ҳуқуқлари масаласи долзарб бўлиб қолаётган Озарбайжон эса мазкур лойиҳада фаол иштирок этмайди.

Ригадаги саммит якунида бир қатор ҳужжатлар, жумладан, Украинадаги бўҳрон юзасидан баёнот қабул қилиниши кутилмоқда.