Европа Иттифоқи Украинага 2 миллиард доллар қарз берадиган бўлди

Украина президенти Петро Порошенко Германия канцлери Ангела Меркел билан Рига саммити доирасида.

Европа Иттифоқи таназзулдаги украин иқтисодини оëққа турғизишга ëрдам бериш мақсадида Киев ҳукуматига 2 миллиард доллар қарз ажратадиган бўлди.

ЕИ ва Украина раҳбарлари иттифоқнинг шарқий ҳамкорлари билан Ригада ўтаëтган саммит доирасида шундай келишувга қўл қўйдилар.

ЕИнинг макро-молиявий ëрдам дастури доирасида ажратилаëтган бу қарз Киев ҳукуматидан қатор ислоҳотларни амалга оширишни шарт қилиб қўйган. Булар орасида иқтисоддаги структуравий муаммоларнинг асосийси деб кўрилаëтган коррупцияга қарши кураш талаби ҳам бор.

Янги келишувдан сўнг Европа Иттифоқининг Украинага кейинги икки йил ичида бераëтган қарзи миқдори 6 миллиард 700 миллиондан ошди.

Грузия¸ Молдова¸ Украина¸ Беларус¸ Арманистон ва Озарбайжонни ўз шарқий қўшнилари деб белгилаган иттифоқ раҳабрлари Рига саммити доирасида Украина¸ Грузия ва Молдовадаги кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида 220 миллион долларлик грант ажратишни ваъда қилди.